Омбудсманнинг давлат органлари билан ҳамкорлиги

Омбудсман ўз асосий фаолият жараёнида давлат ҳокимиятининг турли бўғинлари: қонунчи чиқарувчи, ижро этувчи ва суд органлари билан ўзаро ҳамкорлик қилади. Омбудсманнинг турли давлат органлари ва фуқароларнинг жамоатчилик тизимлари билан ўзаро ҳамкорлиги: биринчидан, қонун ҳужжатларига риоя этилиши самарадорлигига ва инсон ҳуқуқларининг бузилишига йўл қўймасликка; иккинчидан, фуқароларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш салоҳиятидан, суд ва суддан ташқари органлар воситалари ва имкониятларидан янада фаолроқ фойдаланишга; учинчидан, инсон ҳуқуқларига риоя этилиши ва уни ҳимоя қилишни таъминлаш ҳамда унинг рўёбга чиқарилиши механизми соҳасида давлат ва жамиятнинг саъй-ҳаракатларини бирлаштиришга қаратилгандир.

Омбудсманнинг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенати билан ўзаро ҳамкорлиги муҳим аҳамият касб этади. Омбудсман парламент вакили бўлганлиги учун ҳам, у ўз фаолиятида, биринчи навбатда парламентга таянади, унинг қонун ижодкорлик ва назорат фаолияти бўйича режалари ва дастурларига асосланади. Омбудсманнинг Олий Мажлис палаталарининг қўмиталари билан ўзаро ҳамкорлигини кенгайиши, яна шунингдек инсон ҳуқуқларига бевосита тааллуқли бўлган масалалар бўйича қонунлар лойиҳаларини экспертиза қилишда ҳам амалга оширади.

Омбудсман фуқароларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш ва бузилган ҳуқуқларини тиклаш соҳасида ўз асосий фаолият самарадорлигини ошириши, инсон ҳуқуқлари соҳасида фуқароларнинг ижтимоий онгини юксалтиришга доир ўз ваколатларини рўёбга чиқариш, қонунчиликни такомиллаштириш ва халқаро ҳамкорликнинг ривожлантириш мақсадида суд, ҳуқуқни муҳофаза қилиш ва бошқа давлат органлари билан ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйиш юзасидан кўп куч-ғайрат сарфламоқда. Омбудсманни бу органлар билан мақсадлар ва вазифалар муштараклиги – фуқаролар ҳуқуқларини рўёбга чиқаришга ҳар томонлама кўмаклашиш ва уларнинг тегишли ҳимоя қилинишини таъминлаш бирлаштириб туради, бироқ инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг мавжуд салоҳияти ва воситалари борасида улар бир-биридан фарқ қилади.

Инсон ҳуқуқларини таъминлаш ва уни ҳимоя қилиш соҳасида Омбудсманнинг суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари билан узвий ўзаро ҳамкорлиги асосларини яратиш мақсадида 1998 йилда Омбудсманнинг мазкур органлар билан ҳамкорлигини назарда тутувчи Концепция ишлаб чиқилди. Концепцияда, чунончи, қуйидагилар назарда тутилади:

1) Вакил асосий фаолиятининг ҳуқуқий кафолатларини мустаҳкамлашга ва Ўзбекистон Республикасининг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги қонун ҳужжатларини такомиллаштиришга кўмаклашиш;

2) Фуқароларни уларнинг ҳуқуқлари бузилганлиги юзасидан қабул қилиш ва мурожаатларини кўриб чиқишга доир фаолият самарадорлигини ошириш, инсон ҳуқуқларини муҳофаза қилувчи барча органларнинг саъй-ҳаракатлари билан фуқаролар ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини тиклаш юзасидан чора-тадбирлар кўриш;

3) Ўзбекистон Республикасининг инсон ҳуқуқлари тўғрисидаги қонун ҳужжатлари ижро этилишини биргаликда текшириш ва давлат аппарати асосий фалиятини такомиллаштириш юзасидан таклифлар киритиш;

4) Суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ҳодимларининг ҳамда аҳоли айрим тоифаларининг ҳуқуқий маданиятини ошириш мақсадида ахборот-маърифий фаолият соҳасида ўзаро ҳамкорлик қилиш;

5) Инсон ҳуқуқлари масалалари бўйича халқаро ҳамкорликни ривожлантириш соҳасидаги фаолиятни мувофиқлаштириш.

Омбудсманнинг суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари билан ўзаро ҳамкорлиги концепцияси унинг инсон ҳуқуқлари тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг бажарилиши устидан назоратни кучайтириш бўйича иши самарадорлигини оширишга, фуқароларнинг ҳуқуқлари аниқ тикланишини таъминлашга, инсон ҳуқуқларини давлат томонидан муҳофаза қилувчи органларнинг ҳуқуқлари ва имкониятларидан янада самаралироқ фойдаланишга, Омбудсман асосий фаолиятини бошқа органлар асосий фаолияти билан мувофиқлаштириш инсон ҳуқуқларига риоя этилишига доир вазиятни яхшилаш соҳасида ижобий натижаларга олиб келишни тушунишга эришиш мақсадларига қаратилгандир.

Фуқароларнинг бузилган ҳуқуқларини самарали тиклаш мақсадларида Вакил судлов ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари, вазирликлар ва идоралар билан  ўзаро ҳамкорлик қилади. 1998 йил декабр ойида Конституция суд билан ҳамкорлик қилиш тўғрисида Келишув имзоланган, шунингдек, 2000 йил апрелида – Бош прокуратура билан, 2004 йил декабрида – Ички ишлар вазирлиги билан, 2005 йил августида – Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан, 2005 йил сентябрида – Адлия вазирлиги билан бундай келишувлар имзоланган. Ўтган даврда ушбу тузилмалар билан ҳамкорлик ўзининг ижобий натижаларини берди. Марказий ва минтақавий даражаларда ишчи гуруҳлари ташкил этилди, натижада эса, фуқароларнинг шикоятларини муваффақиятли ҳал этиш сезиларли равишда фаоллашди.

Ушбу Келишувларнинг қоидаларига кўра томонлар қуйидаги йўналишларда ҳамкорликни амалга оширишмоқда: инсон ҳуқуқларига риоя қилиниши бўйича мониторинг ўтказиш; фуқаролар шикоятлари бўйича текширувлар ўтказиш; инсон ҳуқуқлари соҳасида ахборот-маърифий ишлар; инсон ҳуқуқлари соҳасида қонунчилик ҳамда ҳуқуқни қўллаш амалиётини такомиллаштириш; халқаро тажрибани ўрганиш ва инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро нормаларни миллий қонунчиликка имплементация қилиш бўйича таклифлар тайёрлаш; фуқаролар шикоятларини кўриб чиқиш учун биргаликда ишчи гуруҳларни ташкил этиш.

Тажриба шуни кўрсатмоқдаки, Омбудсман Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси билан муваффақиятли ҳамкорлик қилмоқда, чунки уларни фақат инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасидаги мақсад ва вазифалар муштараклигига эмас, балки қонунда яратилган имкониятлардан самарали фойдаланишга қаратилган вазифаларнинг ўхшашлиги ҳам бирлаштириб туради. Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси Омбудсман девонига келаётган шикоятлар юзасидан ахборот тайёрлашга ўз хиссасини қўшмоқда, қонунларни текшириш бўйича ишчи гуруҳлари ишида, маърифий семинарларни ташкил этишда қатнашмоқда. Бироқ, прокуратура Омбудсманга қараганда инсон ҳуқуқларини бузувчиларга таъсир кўрсатишнинг кенгроқ воситаларига эга бўлганлиги учун ҳам, Омбудсман билан прокуратуранинг ўзаро ҳамкорлигида фуқароларнинг бузилган ҳуқуқларини тиклаш юзасидан самарали чоралар кўриш асосий ўрин тутади. Фуқароларнинг бузилган ҳуқуқларини тиклаш бўйича самарали механизмни ташкил этиш мақсадларида Омбудсман ва Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ўртасида Ҳамкорлик тўғрисида келишув тузилган, фуқароларнинг шикоятларини кўриб чиқиш бўйича ишчи гуруҳ ташкил этилган.

Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди Ўзбекистон Конституцияси ва қонунлари нормаларини шарҳлашда Омбудсманга катта ёрдам кўрсатмоқда, бу фуқароларнинг мурожаатларига жавоб тайёрлаш, фуқароларнинг якка тартибдаги шикоятларини кўриб чиқишда юзага келадиган турли ҳуқуқий муаммоларни ҳал этиш, шунингдек, инсон ҳуқуқлари масалалари бўйича турли ахборот-маърифий тадбирларни ўтказиш имкониятини бермоқда. Конституявий суд ва Инсон ҳуқуқлари бўйича вакил ўртасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш мақсадида Ўзбекистонда Конституция ва қонун устуворлигини мустаҳкамлаш, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишга кўмаклашиш истагида Битим имзолаган бўлиб, у инсон ҳуқуқлари соҳасидаги ўзаро ҳамкорликка, ушбу соҳадаги вазиятни яхшилаш бўйича куч-ғайратларни бирлаштиришга қаратилгандир.

Ундан ташқари, Омбудсманнинг Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги билан ҳамкорлиги тўғрисидаги Битими ҳам маҳкумларнинг ҳуқуқларини таъминлаб бериш ва ҳимоя қилиш, Омбудсман ёки унинг вакиларини озодликдан маҳрум этиш жойларига тўсқинликсиз ташриф буюриши учун шароитлар яратиб бериш, ушланганлар ёхуд ҳибсда сақланаётган шахслар билан учрашувлар ва суҳбатлар ўтказиш бўйича биргаликда чора-табирларни амалга оширишни кўзда тутади. Ушбу Битимнинг 4-моддасига кўра, яна шунингдек, айбланаётганлар, хибсга олинганлар ва маҳкум қилинганлар ҳуқуқларига риоя этилиши юзасидан назоратни амалга ошириш мақсадида Томонлар Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Жазони ижро этиш муассасалари Бош Бошқармасининг (ЖИМББ) жазони ижро этиш муассасаларида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман)нинг вакили мансабини таъсис этишлари мумкин.

Омбудсман билан Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ўратсидаги Ҳамкорлик тўғрисидаги Битимга мувофиқ Вакил Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва унинг қарамоғидаги муассасаларнинг мутахассисларини  фуқаролар ҳуқуқларив а эркинликлари бузилиши ҳолатларини текшириш, эксперт хулосаларини тайёрлаш учун жалб қилишга ҳақлидир. Ушбу Битимда, шунингдек, беморлар ва тиббиёт ходимлари ҳуқуқлари бўйича омбудсманларни таъсис этиш ҳам кўзда тутилган.

urchinTracker();