Инсон ҳуқуқлари соҳасида қонунчиликни такомиллаштиришга кўмаклашиш ва унга риоя этилиши бўйича мониторинг
Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили тўғрисидаги Қонуннинг 1-моддасига мувофиқ Вакилнинг қонун ҳужжатларини такомиллаштиришга кўмаклашиш бўйича вазифалари қонун ҳужжатлари лойиҳаларининг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро стандартларга мувофиқлигини ўрганиш жараёнида амалга оширилади. Жорий қонун ҳужжатларига риоя етилиши устидан назорат Вакил томонидан республикамиз минтақаларида Ўзбекистон Республикаси қонунларига ва халқаро ҳуқуқ нормаларига риоя етилиши юзасидан ўтказиладиган текширишлар жараёнида, шунингдек, фуқароларнинг шикоятларини кўриб чиқиш пайтида амалга оширилади.
Вакилнинг фуқаролар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича вазифаларини бажариши унинг инсон ҳуқуқларига бевосита ёки билвосита даҳлдор қонун ҳужжатларининг ўрганиши билан узвий боғлиқдир. Инсон ҳуқуқларининг у ёки бу органлар ёки мансабдор шахслар томонидан бузилишига оид муайян ҳолатларни кўриб чиқаётганда Вакил амалдаги қонунларнинг амалий самарадорлигини баҳолашда, инсон ҳуқуқларини қонун йўли билан тартибга солишга тааллуқли муаммоларни аниқлашга, миллий ҳуқуқ нормаларининг халқаро ҳуқуқ нормаларига мувофиқлигини аниқлашга ҳақлидир.
Омбудсман институтининг вазифаси бузилган ҳуқуқларни тиклаш билан бирга, бўлиши мумкин бўлган ҳуқуқбузарликларни огоҳлантириш, уларнинг сабабларини бартараф этиш ҳамдир. халқаро амалиётга кўра, Инсон ҳуқуқлари бўйича вакил вазифаси нафақат фуқароларнинг шикоятларини кўриб чиқиш билан чекланиб қолмайди, чунки, бу ҳуқуқ бузилишининг асосий сабабларини бартараф этишга ёрдам бермайди. Шикоятларни кўриб чиқишни таҳлил қилиш асосида ҳуқуқбузарликларнинг типик ҳолатларини аниқлаш ва уларнинг сабабларини (ё мансабдор шахсларнинг виждонсизликлари, ёки амалдаги такомиллашмаган норматив-ҳуқуқий база) тушуниш мумкин. Вакилни қонунчиликни такомиллаштириш соҳасидаги фаолияти, унинг ишини энг муҳим йўналишларидан бири ҳисобланади. Бироқ, бу вазифа Ўзбекистондаги Омбудсман институтини янги Қонунга кўра қонунчилик ташаббуси ҳуқуқига эга эмаслиги билан бироз қийинлашган.
Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили институти ташкил топган давридан буён инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси қўшилган халқаро ҳужжатлар қоидаларини миллий қонунчиликка имплементация қилиш масалаларига катта аҳамият қаратиб келмоқда. Ўтган давр мобайнида, аёллар ва болалар, уй-жой эгалари, ногиронлар ва беморлар, маҳбуслар ҳуқуқларига, шунингдек фуқароларнинг судларга ва давлат органларига мурожаат қилиш ҳуқуқларига риоя қилиниши каби долзарб муаммолар бўйича республиканинг барча вилоятларида мониторинг тадқиқотлари амалга оширилди.
Ўтган давр учун қуйидаги масалалар бўйича давлат органлари, ташкилотлар, муассасалар ва мансабдор шахслар томонидан риоя этилиши бўйича мониторинг тадқиқотлари олиб борилди:
- 1999 йил – Аёллар йили доирасида аёллар ва болалар ҳуқуқлари мониторинги;
- 1999-2000 йиллар. – озодликдан маҳрум этилиши туридаги жазони ўтаётган шахслар ҳуқуқларини таъминлашга оид Ўзбекистон Республикаси Жиноят-ижроия Кодексига риоя этилиши мониторинги;
- 2000 йил – Тошкент вилоятида фуқароларнинг судларга бўлган ҳуқуқларига риоя этилиши мониторинги;
- 2001 йил – Фарғона вилоятида вояга етмаганлар ўртасида жиноятчиликни олдини олиш бўйича мониторинг; Бухоро вилоятида тадбиркорлар ҳуқуқларига риоя этилиши бўйича мониторинг; Сирдарё вилоятида аёллар, болалар ва кам таъминланган оилаларни социал нафақалар билан таъминлаш бўйича мониторинг;
- 2002 йил – Хоразм вилоятида болаларни таълим олишга бўлган ҳуқуқлари бўйича мониторинг; Жиззах вилоятида аёлларнинг репродуктив ҳуқуқларига риоя этилиши бўйича мониторинг;
- 2003 йил – Навоий вилоятида фуқароларнинг меҳнат ҳуқуқларини суд орқали ҳимоя қилишга риоя этилиши мониторинги; Самарқанд вилоятида бемор-болалар ҳуқуқларига риоя этилиши мониторинги; Фарғона, Андижон ва Наманган вилоятларида беморлар ҳуқуқларига риоя этилиши мониторинги;
- 2004 йил – Қашқадарё, Сурҳондарё, Тошкент вилоятларида, Қорақалпоғистон Республикаси ва Тошкент шаҳрида фуқароларнинг суд ҳимоясига бўлган ҳуқуқларини таъминланишининг мониторинги;
- 2005 йил – Тошкент шаҳрида уй-жой эгалари ҳуқуқларига риоя этилиш бўйича мониторинг;
- 2006 йиил – мамлакатнинг барча минтақаларида уй-жой эгалари ҳуқуқларига риоя этилиш бўйича мониторинг;
- 2007 йил – Тошкент ва Сирдарё вилоятларида фермерлар ҳуқуқларига риоя этилиш бўйича мониторинг;
- 2008 йил – мамлакатнинг барча минтақаларида фермерлар ҳуқуқларига риоя этилиш бўйича мониторинг.
Мониторинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилга келиб тушадиган фуқаролар шикоятлари ва аризаларини таҳлил қилиш ҳамда аҳоли орасида ахборот-маърифий фаолиятини олиб бориш, мансабдор шахслар томонидан Фуқароларнинг мурожаатлари ва Омбудсман тўғрисидаги қонунларни ижро этилиши бўйича ахволни ўрганиш асосида амалга оширилмоқда. Омбудсманнинг назорат фаолияти Омбудсманнинг минтақавий вакиллари, инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлар, нодавлат ташкилотлари, ҳуқуқшунос-олимлар, социологлар, журналистлар, барча даражадаги мансабдор шахслар иштирокида амалга оширилади.
Инсон ҳуқуқларига риоя этилиши бўйича мониторинглар натижалари, инсон ҳуқуқлари бузилишига имконият туғдирувчи сабаблар ва шарт-шароитларни кўрсатиб берувчи ҳамда ҳуқуқбузарликларни бартараф этиш бўйича тавсияларни ўз ичига олган тахлилий маърузаларда умумлаштирилади. Таҳлилий маърузалар вилоятлар Халқ депутатлари кенгашлари сессияларида, вазирликлар ва идоралар коллегияларида, оммавий ахборот воситаларида муҳокама қилинади. Омбудсман тавсиялари бўйича, фуқаролар ҳуқуқлари бузилишининг аниқланган ҳолатларини бартараф этиш ва кейинчалик, уларни олдини олишга қаратилган чора-тадбирлар ишлаб чиқилиши бўйича давлат органларининг тегишли қарорлари қабул қилинади. Омбудсман тавсияларини амалга ошириш бўйича ҳокимиятлар, вазирликлар, идораларнинг қилган ишлари бўйича ахборотлар Инсоннинг конституциявий ҳуқуқлари ва эркинликларига риоя этилиши бўйича комиссия мажлисларида муҳокама қилинади.




