Инсон ҳуқуқлари соҳасида халқаро ҳамкорлик

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) турли хил характердаги халқаро алоқаларни ривожлантиришга катта эътибор қаратмоқда, яъни уларга қуйидагилар киради:  – инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасидаги, шунингдек, сиёсий, ижтимоий-иқтисодий, маданий йўналишлардаги турли халқаро ташкилотлар вакиллари бўлган ҳорижий делегацияларни қабул қилиш; Омбудсманнинг, ҳам БМТ, ЕХҲТ линиялари бўйича, ҳам омбудсманларнинг халқаро ва ҳорижий институтлари, шунингдек, турли халқаро жамғармалар линиялари бўйича ташкил этиладиган турли форумларда иштирок этиши; демократлаштириш, бошқарувни такомиллаштириш ва инсон ҳуқуқлари масалаларида Ўзбекистонда ўтказиладиган халқаро форумларни ташкил қилиш, ўтказиш ва иштирок этиш; инсон ҳуқуқларини бузилиши масалаларида халқаро ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилотлари, ҳорижий ташкилотларининг мурожаатларини кўриб чиқиш; ҳорижий мамлакатларнинг омбудсманлари ва инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлари билан ҳамкорлик қилиш.

Фаолиятининг ўтган даврида БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Бошқармаси, ЕХҲТнинг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бюроси (ДИИҲБ), Европа Иттифоқи Омбудсмани, ҳорижий мамлакатлар омбудсманлари ва инсон ҳуқуқлари бўйича институтлари, халқаро ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилотлари билан амалий алоқалар ўрнатилди, БМТ, ЕХҲТ, ТАСИС лойиҳалари доирасида техник қўллаб-қувватлаш дастурларини амалга оширишда иштирок этиш таъминлаб берилди.

1998 йилнинг апрелидан буён Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Халқаро омбудсман Институти (Канада)нинг тўла ҳуқуқли аъзоси ҳисобланади. 2002 йилнинг майидан буён Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Европа Омбудсман Институти (Австрия)нинг тўла ҳуқуқли аъзоси ҳисобланади. Вакил фаолияти тўғрисидаги ахборотлар доимий равишда халқаро ташкилотлар (ХОИ, ЕОИ, ЕХҲТ) нашрларида, ҳорижий омбудсманлар ҳисоботлари ва материалларида, чет эл оммавий ахборот воситаларида ва Интернет тармоғида чоп этилиб келинмоқда.

Польшанинг Фуқаролар ҳуқуқлари бўйича вакили, Швециянинг Парламент Омбудсмани, Россия Федерациясининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили, Озарбайжон Республикасининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили, Латвия Республикасининг Инсон ҳуқуқлари бўйича Давлат бюроси, Словакия Республикасининг Ҳуқуқлар оммавий ҳимоячиси, Испания халқи Ҳимоячиси, Франция Медиатори билан ҳамкорлик тўғрисида битимлар тузилди.

Омбудсман тўғрисидаги Қонуннинг 7-моддасига кўра, Вакил Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларига риоя этилишининг аҳволи тўғрисида БМТнинг тегишли қўмиталарига Ўзбекистон Республикасининг Миллий маърузаларини тайёрлашда иштирок этади. Амалдаги  қонунчиликни ва давлат органлари фаолиятини таҳлил қилиш асосида, Омбудсман Миллий Маъруза матни мазмунини яхшилаш ва уни БМТ қўмиталари талабларига мувофиқ келтириш бўйича ўз таклифларини киритади. Ўтган даврда БМТ қўмиталарига тақдим этилган Ўзбекистоннинг барча Миллий маърузалари Омбудсман Котибиятида экспертизадан ўтди.

Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларига риоя қилиш ва ҳимоя қилишнинг долзарб муаммоларини муҳокама қилиш, бу соҳада бошқа мамлакатларда тўпланган тажрибалар тўғрисида ахборотлар алмашиш ва Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш фаолиятини такомиллаштириш бўйича муайян таклифлар шакллантириш учун Омбудсман ҳузурида Ўзбекистондаги чет эл дипломатик ваколатхоналари, халқаро ташкилотлар, инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлар, вазирликлар ва идоралар, нодавлат ташкилотлари вакилларидан иборат Маслаҳат кенгаши ташкил этилган. Маслаҳат кенгаши мажлисларида инсон ҳуқуқларига риоя қилишнинг долзарб масалалари, омбудсман институти фаолиятини такомиллаштиришнинг амалий жиҳатлари муҳокама қилинади.

urchinTracker();