Инсоннинг конституциявий ҳуқуқлари ва эркинликларига риоя этилиши бўйича комиссия
Вакил фаолиятига қўмаклашиш мақсадида 1995 йил майида Олий Мажлиснинг №88-I Қарори билан Инсоннинг конституциявий ҳуқуқлари ва эркинликларига риоя этилиши бўйича комиссия ташкил этилган. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Кенгашининг 1999 йил 12 августдаги №798-I Қарори билан Комиссия таркиби кенгайтирилган.
Амалиёт бундай комиссиянинг ўз вақтида ва мақсадга мувофиқ равишда ташкил этилганлигини кўрсатди. Комиссия мажлисларида Омбудсманнинг инсон ҳуқуқлари бўйича қонунчиликни текшириши натижалари, судлар, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари, нодавлат ташкилотлари ва оммавий ахборот воситалари билан ўзаро ҳамкорликни ривожлантириш масалалари каби муҳим муаммолар, фуқаролар шикоятлари бўйича хулосалар лойиҳалари муҳокама қилинади.
Комиссиянинг асосий вазифалари Омбудсманга келиб тушаётган мурожаатларни ўрганиш ва таҳлил қилишда, инсон ҳуқуқлари тўғрисидаги қонунчиликни аҳоли ўртасида тушунтириш ва тарғиб қилишда, инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги ва халқаро конвенцияларига риоя этилишини текширишда, инсон ҳуқуқларига риоя этиш ва ҳимоя қилиш соҳасида халқаро ҳамкорликни ривожлантиришда кўмаклашиш ҳисобланади.
Комиссия Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис палаталари Кенгашлари томонидан ташкил этилади. Комиссия Омбудсман раҳбарлигида ишлайди ва ўз фаолиятини Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис палаталари Кенгашлари томонидан тасдиқланган Регламент асосида ташкил этади.




