Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман)С.Ш.Рашидова Биография
Сайёра Шарафовна Рашидова 1943 йил 2 августда Жиззах шаҳрида (Ўзбекистон Республикаси), кўзга кўринган давлат арбоби ва ёзувчи Ш.Рашидов оиласида туғилган.
1960 йили Тошкент шаҳридаги № 43 ўрта мактабни битиргандан сўнг, Москва Давлат Университетининг Кимё факультетига ўқишга кирди. Университетни тамомлаб, С.Ш.Рашидова Россия Фанлар Академияси Топчиев номидаги Нефткимё синтези институтида стажер-тадқиқотчи бўлиб ишлади, Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академияси Кимё институти кундузги аспирантурасида ўқиди. 1971 йили номзодлик диссертациясини ҳимоя қилгандан сўнг, Ўзбекистон Республикаси ФА Кимё институтида кичик илмий ходим, катта илмий ҳодим, лабаратория мудири лавозимларида ишлади. 1979 йилдан буён у – полимерлар кимёси бўлими бошлиғи, 1981 йилдан буён эса – Ўзбекистон Фанлар Академияси Кимё ва физика полимерлар институти директори.
С.Ш.Рашидова – Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академияси академиги, кимё фанлари доктори, профессор, 20 нафардан ортиқ фан докторлари ва номзодларини тайёрлаган, унинг 300дан ортиқ илмий нашрлари, қатор монографиялари чоп этилган, 20та муаллифлик гувоҳномалари бор.
С.Рашидова республиканинг ижтимоий ҳаётида ҳам фаол иштирок этади, “Олима” аёл-олимлар Ассоциацияси президенти. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси биринчи (1995-1999 йиллар) ва иккинчи (2000-2004 йиллар) чақириқлари депутатлигига сайланган.
1995 йил декабрида С.Рашидова Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси биринчи чақириғида Инсон ҳуқуқлари бўйича вакил этиб сайланган.
2000 йил февралида С.Рашидова иккинчи муддатга Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) лавозимига сайланган.
2005 йил мартида Қонунчилик палатаси ва 2005 йил майида Сенат С.Рашидовани беш йиллик муддатга Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) лавозимига сайлади.
С.Ш.Рашидова инсон ҳуқуқлари бўйича кўплаб халқаро форумларда фаол иштирок этиб келмоқда. С.Рашидованинг инсон ҳуқуқлари соҳасида 100дан ортиқ чоп этган ишлари бор, «Дунё Омбудсманлари» (ўзбек ва рус тилларида), «Омбудсман в Узбекистане», «Мониторинг прав человека», «Защита прав человека в Узбекистане» каби қатор тўпламларнинг муаллифи ва масъул муҳарриридир. “Демократлаштириш ва инсон ҳуқуқлари”, “Ижтимоий фикр. Инсон ҳуқуқлари” каби қатор журналларнинг таҳририят коллегияси аъзоси ҳисобланади.




