Ахборот-маърифий фаолият
Омбудсман фаолиятидаги муҳим ўринни инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари, уларни ҳимоя қилишнинг шакллари ва усуллари соҳасида аҳолининг ҳуқуқий онгини оширишга қаратилган ишлар эгаллайди. Вакилнинг ахборот-маърифий фаолияти инсон ҳуқуқларига оид маълумотномалар, таҳлилий материаллар йиғиш, тайёрлаш ва тарқатиш, оммавий ахброт воситаларида чиқишлар қилиш, инсон ҳуқуқларига оид халқаро ва миллий нормаларни ўрганиш соҳасида аҳолининг турли гуруҳларида таълим даражасини кўтариш, шунингдек, инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлашнинг турли жиҳатлари бўйича халқаро, республика семинарлари, конфренцияларини ўтказиш йўллари билан амалга оширилади.
Инсон ҳуқуқлари бўйича таълим ҳуқуқий давлат қуришда муҳим инструмент ҳисобланади, инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини амалга оширишнинг зарурий кафолатлари бўлиб хизмат қилади. Ҳуқуқий таълим инсон ва фуқаронинг ҳуқуқий маданиятини шакллантириш ҳамда ҳуқуқбузарликларни олдини олишнинг зарурий шарти ҳисобланади.
Вакилнинг маърифий фаолияти ўз хусусиятига эга, у нафақат жамиятнинг кенг доирасини уларнинг ҳуқуқлари бўйича хабардор қилишга қаратилиб қолмасдан, балки фуқароларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида Омбудсман фаолияти тўғрисида, унинг инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тизимида тутган ўрни ва ролини тушунтиришга ҳам қаратилгандир. Аҳолининг ҳуқуқий маданиятини кўтаришда, жамиятда ҳуқуқий маданиятни ошириш бўйича Миллий дастурни амалга оширишда Вакил билан бирга, унинг девони ва Инсоннинг конституциявий ҳуқуқлари ва эркинликларига риоя этилиши бўйича комиссия аъзолари ҳам фаол иштирок этишмоқда.
Ушбу мақсадларда аҳоли билан учрашувлар ва суҳбатлар ўтказилмоқда, халқаро ва республика даражасидаги конференцияларда маърузалар билан чиқилмоқда, бошқа оммавий ахборот воситаларида рубрикалар ташкил этилмоқда. Фуқароларга, улар фойдаланиши мумкин бўлган инсон ҳуқуқлари бўйича ҳимоя шакллари, хусусан қайси маъмурий, судлов ва бошқа органларга мурожаат қилишга хақлилиги тушунтирилади, юридик маслаҳатлар кўрсатилади.
Омбудсман Котибияти томонидан инсон ҳуқуқлари, уларни ҳимоя қилишнинг шакллари ва усуллари бўйича маърифий адабиётлар тайёрлаш, чоп этиш ва тўловсиз тарқатишлар амалга оширилади. Котибият томонидан чоп этиладиган Омбудсманнинг йиллик ҳисоботлари, ахборот-маърифий тусдаги адабиётлар давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларига, маҳаллий органларга, олий ўқув юртларига, нодавлат ташкилотлар ва оммавий ахброт воситаларига доимий равишда жўнатилиб турилади.
Ўтган давр учун Омбудсман институти томонидан инсон ҳуқуқлари бўйича қатор услубий материаллар ва адабиётлар чоп этилди, жумладан, «Дунё омбудсманлари» (ўзбек ва рус тилларида), «Защита прав человека в Узбекистане», «Омбудсман в Узбекистане», «Мониторинг прав человека», «Омбудсман Республики Узбекистан» каби рисолалар, “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) тўғрисида”ги Қонунга (ўзбек ва рус тилларида), Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясига шарҳлар чоп этилиб, давлат органлари, ўқув юртлари, нодавлат ташкилотлари, кутубхоналарга бепул тарқатилди. 2005 йилдан буён парламент Омбудсмани “Демократлаштириш ва инсон ҳуқуқлари” журналининг ҳамтаъсисчиси ҳисобланади.
Омбудсман институти томонидан инсон ҳуқуқлари масалалари бўйича туркум халқаро ва республика конференциялари ва семинарлари, тренинглар ўтказилди. Мамлакатнинг барча минтақаларида фуқаролар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича омбудсман институти фаолияти тўғрисида, ижтимоий ҳаётнинг барча соҳаларида демократлаштириш ва либераллаштириш масалалари бўйича туркум семинарлар ўтказилди.
Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакил кўмагида Тошкент аграр университетида, Ўзбекистон Миллий университетида, Самарқанд давлат университети ва Самарқанд тиббиёт институтида университет омбудсманларининг жамоатчилик институтлари ташкил этилди. 2007 йилда Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети билан ҳамкорлик тўғрисида битим имзоланди.




